Шу кунларда мамлакатимизда Бирлашган Араб Амирликларининг Миллий архиви раҳбари ўринбосари Мажид Султан Алихейри бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.
Меҳмонлар Агентлик тизимидаги архив муассасаларда ҳужжатлар сақлови, хавфсизлиги ва сақловхоналар ҳолати, тизимда амалга оширилган лойиҳалар ҳамда ҳужжатларнинг рақамлаштириш ишларининг бориши билан яқиндан танишди, дейилади “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати берган хабарда.
Мазкур ташрифнинг мақсади соҳада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашишдан иборатдир.
Меҳмонларга “Ўзархив” агентлиги томонидан тизимдаги архив муассасаларининг бугунги кундаги фаолияти, соҳани ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган режалар хусусида маълумот берилди.
Шундан сўнг меҳмонлар пойтахтимиздаги Марказий давлат архивлари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Ўзбекистон Республикаси Илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари ва Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архивларига ташриф буюрди.
БААлик архивчи мутахассисларга Марказий давлат архивлари тарихи, асосий фаолият йўналишлари, бўлимлар фаолияти ва бугунги кунда архивлар фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, фаолиятни автоматлаштириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишда амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берди.
ЎзА