Халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган биринчи халқаро тўқимачилик анжумани мамлакатимизда тўқимачилик индустриясини ривожлантириш стратегияси ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт, Ташқи савдо вазирликлари, тўқимачилик корхоналари вакиллари ва хорижлик меҳмонлар иштирок этди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси И.Ҳайдаров, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор, Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен ва бошқалар Ўзбекистон билан бошқа давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида барча йўналишлар, хусусан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасининг равнақида ўзаро манфаатли ҳамкорликлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтди.

Мазкур анжуман 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга асосан мамлакатимизда тўқимачилик саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда жаҳон бозорида ўз ўрнини эгаллаш чора-тадбирларини кўришга қаратилгани билан эътиборлидир.

Тадбирда таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, шу йил 13 та тўқимачилик кластерлари ташкил этилади ва улар тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари билан пахта хомашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномаларини имзолайди. Албатта, бундай имкониятлар тармоқ фаолиятини такомиллаштириш, хомашёни қайта ишлаш, юқори қийматли тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича ягона комплекс жараённи яратишда муҳим омил ҳисобланади.

– 18 давлатдан 250 нафар вакилнинг иштирок этиши бу анжуманнинг нуфузини белгилайди, – дейди Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институтининг Тошкент бўлими директори Санобар Комилова. – Умуман, юртимиз тўқимачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган бу каби анжуманлар тажриба алмашиш, илмий ва амалий ишларни ўрганишда жуда фойдалидир. Айниқса, Жанубий Корея, Хитой, Туркия каби давлатлар вакилларининг фикр-мулоҳазаларидан кўриш мумкинки, мамлакатимиздаги мавжуд қулайлик ва ўзгаришлар уларнинг қизиқишини орттирмоқда. Бу эса биз учун тўқимачилик тармоғида хомашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича бошланган ишлар ривожида фойдалидир.

– Юртингизда катта ўзгариш ва янгиликларни сезаяпмиз, – деди Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси вакили Оливье Зишанк (Швейцария). – Бунда, айниқса, тўқимачилик соҳасига бўлган эътиборнинг янада кучайтирилаётгани қувонарли. Федерациямиз фаолияти халқаро аҳамиятга эга бўлиб, барча мамлакатларнинг тўқимачилик соҳасидаги ривожланиши ва амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар йиғамиз. Бу маълумотларни тўқимачилик тармоғининг равнақи учун амалиётда қўллаймиз. Ўзбекистонда тўқимачилик саноати ва кийим-кечакларга бўлган талаб ортмоқда. Бугун ташкил этилган тадбир ҳам шу эҳтиёжлар самарасидир.

Тадбир доирасида тўқимачилик соҳасини янада ривожлантириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, экспорт салоҳияни ошириш, халқаро тажрибаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун Бангладеш тажрибасини ўрганиш каби масалалар юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.

Анжуман пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида ўз ишини бошлаган «UzTextile Expo 2018» биринчи текстиль ва мода саноати ва “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2018” ўн иккинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаларининг муваффақиятли ўтказилишида муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нодир Отажонов сўзга чиқди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА