Беларусь – Ўзбекистоннинг ишончли шерикларидан бири. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик мустақиллик йилларида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун касб этди.
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич ЎзА мухбирига интервью берди.
– Элчи жаноблари, мамлакатларимиз ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорлигимизни ривожлантириш йўлида эришилган ютуқлар тўғрисида нима дея оласиз?
– Аввало, Ўзбекистон ва Беларусни ҳамиша дўстлик ришталари, очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари боғлаб турганини қайд этмоқчиман.
Беларусда Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига келиб барча йўналишлардаги ҳамкорлик муносабатлари янада фаоллашди.
Ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг асосини ташкил этаётгани жуда муҳим. Давлатларимиз иқтисодиёти деярли рақобат қилмайди ва бир-бирини тўлдиришга қодир.
Ўзбекистон Беларуснинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорларидан биридир. 2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ҳажми 2 баробардан ошди ва 131 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилда ҳам ижобий ўсиш суръатлари сақланиб қолмоқда – 2018 йилнинг биринчи ярмида товар айланмаси ҳажми 90 миллион АҚШ долларидан ошди.
Парламентларимиз ўртасидаги алоқалар ҳам ривожланмоқда, Беларусь ва Ўзбекистон вазирлик ва идоралари, жамоат, ёшлар ва ижодий ташкилотлари ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимиз ҳудудлари кесимидаги ҳамкорлик янада фаоллашди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илм-фан ва таълим йўналишларида тажриба алмашиш, таълим олиш ва мутахассислар малакасини ошириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун улкан имкониятлар яратилмоқда.
Шу йил апрель ойида Ўзбекистонда Беларусь Республикаси маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди. Беларусь халқи ҳам ўзбек санъат усталарининг юртимизга ташрифини интиқлик билан кутмоқда.
– Элчи жаноблари, Ўзбекистонда Беларусь-Ўзбекистон қўшма корхоналари ташкил этиладими?
– Ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтиришга ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.
Ўтган йили Ўзбекистон ҳудудида Беларуснинг “Амкодор” ва “Бобруйскагромаш” холдинг компаниялари томонидан йўл қурилиши ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилди.
Тошкентда “Минск трактор заводи” ОАЖ билан трактор ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этилди ва муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Тошкентда Беларусь компанияси томонидан озиқ-овқат саноати ва ветеринарияда қўлланиладиган реагентлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона тузилган.
Ўзбекистонда талаб юқори бўлган тиббий препарат ва буюмларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ишга тушиш арафасида. Бундан ташқари, мамлакатингизда енгил саноат соҳасида қўшма корхона ташкил этиш бўйича ишлар кетмоқда.
Биз Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш дастурига ўз ҳиссамизни қўшиш ҳамда ўзбекистонлик шерикларимиз билан бирга ички бозорни тўлдириш ва учинчи давлатларга экспорт қилишга қаратилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи замонавий, юқори технологияли қўшма корхоналар ташкил этишга ҳамиша тайёрмиз.
– Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати соҳаларини модернизация қилиш ҳамда мамлакатларимизнинг бу борадаги ҳамкорлигини ривожлантириш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон мустақиллик йилларида миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича муҳим қадамларни қўйди.
Мамлакатда ғалла, картошка, мева-сабзавотлар, полиз, гўшт-сут маҳсулотлари етиштириш ҳажми йил сайин ошмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган замонавий корхоналар барпо этилмоқда.
Ўзбекистоннинг тотли мевалари, сабзавот, ёнғоқ ва қуруқ мевалари беларуслик харидорларга яхши таниш. Ушбу маҳсулотларни Беларусь бозорига етказиб бериш ҳажмини ошириш зарур.
Биз ҳам, ўз навбатида, сут маҳсулотлари ва чорвачилик комплекслари, мева-сабзавот омборхоналарини ташкил этиш ва юритиш бўйича тажриба алмашиш, зарур ускуналар, технологияларни етказиб бериш, Беларусдан наслдор қорамоллар келтиришни ташкил қилишга доимо тайёрмиз.
Мамлакатларимиз ўртасида селекция ва навларни синаш соҳалари бўйича фаол ва истиқболли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Аграр соҳада таълим ва бу борада қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш йўналишидаги алоқаларимиз истиқболли саналади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш ва фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида нима дея оласиз?
– Ядро энергетикаси соҳасидаги алоқалар ўзаро ҳамкорлигимизнинг янги йўналиши бўлиши мумкин.
Беларусь яқин орада россиялик шериклар билан ўз АЭСи қурилишини якунлайди. Биринчи энергоблокни 2019 йилда, иккинчисини 2020 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Маълумки, Ўзбекистон 2028 йилгача АЭС қуришни режалаштирган.
Беларуслик лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари атом энергетика объектларини қуриш бўйича маълум тажрибага эга. Мамлакатимиз олий ўқув юртларида юртимиз янгиланган энергетика тармоғи учун кадрлар тайёрловчи янги таълим йўналишлари очилди.
Беларуслик мутахассислар Ўзбекистондаги АЭС қурилишида бевосита иштирок этибгина қолмай, балки техника ва ускуналар билан таъминлаш, маслаҳат ёрдами кўрсатиш, кадрларни ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этишга ҳам тайёрдир.
– Яқинда Беларусь Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутилмоқда. Ушбу ташрифдан қандай натижалар кутилмоқда?
– Беларусь ушбу олий даражадаги ташрифга катта аҳамият қаратган. Ишонаманки, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг учрашуви мамлакатларимиз ҳамкорлигининг барча йўналишларини янада мустаҳкамлаш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
– Ўзбекистон халқига байрам тилакларингиз.
– Мамлакатингизнинг энг улуғ байрами – Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон Республикасига равнақ, беларусь халқи билан мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлаб турган халқингизга эса тинчлик, омонлик ва фаровонлик тилайман!
Улуғбек Шоназаров суҳбатлашди, ЎзА