Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 августдаги фармойишига мувофиқ, Жиззах вилоятининг инвестицион салоҳиятини ошириш ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этишни кўпайтириш мақсадида 29-30 август кунлари вилоятда халқаро инвестицион форум ўтказилади.

Форумга ўттизга яқин мамлакатдан йирик компаниялар, халқаро молия институтларининг мамлакатимизда аккредитация қилинган ваколатхоналари вакиллари, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари таклиф этилган.

Тадбир доирасида ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмаси ва шўъба мажлислари, икки томонлама учрашувлар, “B2B“ ва “B2G“ форматдаги кооперацион биржаларни ўтказиш, иштирокчиларнинг вилоятдаги қўшма корхоналарга саёҳатларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Форумга иштирокчиларнинг келиши давом этмоқда. Бугуннинг ўзида меҳмонлар вилоятнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

28 август куни Жиззах олимпия захиралари коллежида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмаси очилди. Унда “Ўзчармсаноат“, “Ўзтўқимачиликсаноат“ уюшмалари, “Ўзэлтехсаноат“ ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг“ компанияларининг электротехника ва автомобилсозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, фармацевтика, чарм буюмлари ва мебель саноати сингари тармоқларга оид кенг турдаги маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Форумнинг асосий тадбирлари эртага бошланади.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА