Ислоҳотлар натижасида суд-тергов амалиётида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган илғор ва самарали механизмлар йўлга қўйилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан бу жараён янада такомиллаштирилмоқда.

Мазкур қонун билан жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд томонидан ишончли таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида жорий этилган тергов судьяси лавозимининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.

Қонунчиликка тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш учун тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мажлисда “Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг зиммасига бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилишларининг профилактикасини таъминлаш, иқтисодий жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона тергов қилиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.

Ўз навбатида, қонун билан Жиноят-процессуал кодекси ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга Департаментнинг жиноят ишлари бўйича терговни юритиш борасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Бюджет кодексига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат молиявий назорати органларининг ваколатлари Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Давлат молиявий назорати инспекциясининг зиммасига юклатилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилаётгани алоҳида қайд этилди.

Мажлисда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА