Адлия вазирлиги томонидан “LexAI” – сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқий масалаларга жавоб топишга кўмаклашадиган ягона платформа яратилди.
Ушбу платформада ҳуқуқий масалаларга жавоб топишга кўмаклашадиган ёрдамчи чат-бот, ҳужжатларни ҳуқуқшунос иштирокисиз, конструктор асосида мустақил тайёрлашга, экспертиза қилиб беришга, берилган кейсларга ҳуқуқий амалиётни таҳлил этиш асосида жавоб беришга мўлжалланган хизматлар жамланган бўлиб, уларни босқичма-босқич жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
Ҳозирда платформанинг ҳуқуқий масалаларга оид саволларга сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда Қонунчилик маълумотлари миллий базасидаги ҳужжатлар асосида онлайн жавоб беришга мўлжалланган “LexAI” – сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқий масалаларга жавоб топишга кўмаклашадиган чат-бот ишга туширилди.
Бугунги кунда Қонунчилик маълумотлари миллий базасида 48 мингдан ортиқ ҳужжат мавжуд бўлиб, шундан амалдаги ҳужжатлар сони 34 мингдан, яхлит ҳужжатлар сони 28 мингдан, ўзгартириш вa қўшимчалар киритишни назарда тутувчи ҳужжатлар сони эса 5,7 мингдан ортиқ.
“LexAI” чат-ботининг яратилишида ҳуқуқ ва IT соҳасидаги тажрибали мутахассислар томонидан 5 ойдан ортиқ вақт давомида ишлар олиб борилди ва натижада мазкур чат-ботда амалдаги 34 мингдан ортиқ норматив тусдаги ҳужжат, шунингдек, 604 миллиондан ортиқ белгилардан иборат билимлар базаси ўқитилди.
Чат-ботнинг асосий функциялари ва логикаси Open source манбаларисиз ишлаб чиқилган.
Мазкур чат-бот келгусида Call-markazlarni автоматлаштириш, веб-сайтларда виртуал ёрдамчиларни яратиш имконини беради. “LexAI” чат-боти – бу нафақат оддий технология, балки ҳаётимизни яхшилашга имкониятдир.
Н.Абдураимова, ЎзА