Германияда нашр этиладиган “Masche” журнали Самарқандда Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар федерацияси (ITMF) ва Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF) билан ҳамкорликда ўтказилган йиллик конференциясига бағишланган мақола чоп этди.
Муаллиф Алекса Битцер ушбу нуфузли тадбир жаҳон тўқимачилик саноатининг энг йирик икки ташкилоти билан биргаликда ўтказилгани, Марказий Осиё минтақаси, хусусан Ўзбекистон илк бор ушбу нуфузли тадбирга мезбонлик қилганини алоҳида воқеълик сифатида таърифлаган.
Унда қайд этилишича, мазкур анжуманда Европа, Осиё ва Шимолий Америкадан 500дан ортиқ етакчи тўқимачилик саноати вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида сунъий интеллект, рақамлаштириш, барқарор ривожланиш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва таъминот занжирларини оптималлаштириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
“2017 йилдан буён Ўзбекистонда тўқимачилик саноатида амалга оширилган чуқур ислоҳотлар натижасида меҳнат шароитлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кўрсаткичлари жаҳон стандартларига мувофиқлаштирилган. Хусусан, мамлакат 2017 йилдан бошлаб ишчи кучи ва меҳнат ҳуқуқларини такомиллаштириш, болалар меҳнатига барҳам бериш ва мажбурий меҳнатга қарши кескин чораларни кўрди. Бунинг натижасида Халқаро меҳнат ташкилоти 2021 йилда Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилганини эълон қилган эди ва 2022 йилда «Cotton Campaign» ташкилоти ўзбек пахтасига нисбатан бойкотни расман бекор қилди», -дея таъкидланган мақолада.
ЎзА