Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга кўра:
2030 йил 1 январга қадар:
– нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан;
– Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);
– нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан озод қилинди.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
– нодавлат таълим ташкилотлари томонидан педагогик фаолиятни доимий асосда амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларга “A-2” ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;
– нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимлари малакасини оширишни A.Aвлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, педагогик маҳорат марказлари ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган реестрга киритилган нодавлат малака ошириш ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби жорий этилади.
ЎзА