Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилиш давомида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига берилган топшириқларга мувофиқ, қурилиш материаллари бозорида маҳаллий маҳсулот билан тўйиниш даражаси паст бўлган ва импорт ҳажми юқорилигича қолаётган бозорлар таҳлил қилинди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида бир қанча маҳаллий маҳсулотга тўйинмаган ва тадбиркорлар томонидан янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари мавжуд бозорлар аниқланди. Жумладан, герметика, фанера, буғ қозонлари, колер (ранг берувчи моддалар), гулқоғозлар, ПВА клейи, паркет панеллар ҳамда цемент ва бетонлар учун тайёр қўшимчалар.

Қўмита ушбу ўрганишларни давом эттиради. Маҳаллий бозорларнинг тўйингани ва тўйинмагани бўйича Ҳукумат ва тадбиркорларга маҳаллий маҳсулот билан тўйинмаган қурилиш материаллари бозорлари ва янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари бўйича таклифлар киритиб боради.

Н.Раҳмонова, ЎзА