И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида таниқли рассом Юлия Разумовскаянинг 1920 йилларнинг ўрталарида Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида яратилган график асарларидан иборат “Ўзбекистон чеҳралари” кўргазмаси очилди.
Бугунги кунда музей фондида рассомнинг ушбу даврга оид 30 га яқин график асари сақланган бўлиб, уларнинг аксарияти кўргазмада намойиш этилмоқда.
Юлия Васильевна Разумовская (1896-1987) Қозон шаҳрида таниқли профессор – жарроҳ ва жамоат арбоби В.Разумовский оиласида туғилган. У 1912 йилда В.Н.Мешков устахонасида бадиий санъатдан дарс олди. 1913 йилда у Санкт-Петербургга кўчиб ўтади ва у ерда Й.Ционглинский ва Й.Голдблат студияларида таҳсил олади. Кейинчалик эса Бадиий академияга қабул қилинди. У бадиий таълимни 1923 йилда Москвадаги Олий бадиий техник устахонанинг рангтасвир факультетида Д.Кардовский устахонасида тугатган.
Рассомнинг ҳаёти собиқ иттифоқ минтақаларига ва чет давлатларга қилган кўплаб қизиқарли саёҳатлари билан тўла бўлди. Ушбу ижодий саёҳатлар асосан унинг асарларининг мавзуларини белгилаб берди ва минтақавий ижодий даврларнинг вужудга келишига ёрдам берган. Бундай вақтлардан бири “Ўзбекистон” туркум асарлари яратилган даврга тўғри келади.
1925 йилда Юлия Васильевна биринчи марта Ўзбекистонга қадимий меъморий ёдгорликларни қайта тиклаш бўйича экспедиция таркиби билан келиб, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ишлайди. Экспедициянинг дала мавсумлари 1927 йилгача давом этгани туфайли Разумовская узоқ вақт яшаб, ижод қилган кўҳна Бухорога қайта-қайта бориш имкониятига эга бўлади. Рассом ўз хотираларида Ўзбекистон ҳақида, бу “мўъжизалар мамлакати” билан танишгани ва, айниқса, уни ҳайратда қолдирган табиати ҳақида шундай ёзади:
“Ёз жазирамаси, булутсиз осмон, бақувват жануб ўсимликлари, улкан дарахтлар, тўп-тўп гуллар, одамларга тўла шовқинли кўчалар… Қадимий гумбазлар, милтиллаган ёрқин оқшом ва тўсатдан оломон орасида қуёш нуридек ярқираган либослар пайдо бўлиши – буларнинг ҳаммаси эртакдагидек. Оломон худди спектаклдагидек шовқин-суронли. Шу билан бирга, ажойиб рангбаранглик, хилма-хил шарқона либослар ва чеҳралар билан ҳайратланарли эди”.
Разумовская жуда фаол рассом эди. Унинг рангтасвир ва график асарлари ҳар хил жанр, яъни портрет, манзара, натюрморт жанрларида яратилганлиги ва турмуш саҳналари акс эттирилиши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, унинг Ўзбекистонда учратган ёрқин қиёфалари “Ўзбекистон” туркумидаги портрет жанридаги асарлар учун бой манба бўлиб хизмат қилган.
Кўргазмада намойиш этилган график асарлари барчада худди икки нафар рассомнинг асарлари тақдим этилаётгандек таассурот уйғотади. Биринчиси, реалист рассом – буюк И.Репиннинг шогирди, жуда яхши чизмачи Д.Кардовскийнинг ўқувчиси. Ушбу туркумга кирувчи асарларида реал одамларнинг руҳий ҳолати акс эттирилган портретлар (“Aбдулла Ғоний, Кермене”, “Бухоролик ўзбек аёли”) ва маҳаллий аҳолининг хулқ-атвори аниқ очиб берилган хомаки чизмалар (“Турсун”, “Зура”) ифодаланган.
Иккинчи туркумда биз модернист рассом асарларини кўрамиз. Рассом учратган турли хулқ-атворли қиёфалардан янги услубда умумлаштирилган типик образлар яратган (“Бухоролик яҳудий”, “Тошкент. Гул сотувчи”, “Тожик”, “Ўтирган ёш ўзбек йигит”). Унинг модернистик график асарлари нозик киноя ва Ўзбекистон халқига бўлган катта муҳаббат билан тўлдирилган.
Ю.Разумовская Ўрта Осиё тасвирий санъатининг моҳир усталари орасида Ўзбекистоннинг оддий одамларидан янги қиёфалар яратган. Шарқ санъатида аввал яратилган асарларни такрорламаган рассом сифатида кенг танилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари