Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини янада ошириш мақсадида “Ёш тадбиркорлар форуми” ташкил этилди.
Тадбирда бизнес фаолиятида муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва тадбиркорликка қизиққан 300 нафардан зиёд ёш иштирок этди.
Форумда ёшлар кичик бизнес учун махсус асбоб-ускуналар, қорақалпоғистонлик тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Шундан сўнг ёш бўлишига қарамасдан, тадбиркорлик фаолиятида юксак марраларга эришган, ҳозирги кунда республикада машҳур брендларига эга бўлган ёш бизнес вакиллари иштирокида мастер-класс ташкил этилди.
Форумни ўтказишда фаол иштирок этган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаол аъзолари, Нукус туманидаги “Biogumus” фермер хўжалиги раиси Шерзод Ниязимбетов, “RBG Company” масъулияти чекланган жамият директори Бабур Раджапов, “Karakalpak palace hotel” масъулияти чекланган жамият директори Икрам Юлдашев, “Nukus Ziyada nur” масъулияти чекланган жамият директори Зияда Утеназаровага, “Oborudovanie” масъулияти чекланган жамият жамоасига ташаккурнома топширилди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.