Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
– Меморандумнинг асосий мақсади томонлар фаолиятининг энг муҳим йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда сиёсий партиянинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликдаги ўзаро ҳамкорлигини ошириш ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Қ.Каримходжаев. – Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир жамоатчилик фикрини ҳамкорликда ўрганиш ва натижаси бўйича маълумотларни жамоатчиликка тақдим этишдан иборат.
Меморандумда аҳоли яшаш ҳудудларини “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, табиий ресурсларни қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган кенг миқёсли тадбирлар ўтказиш назарда тутилган. Бундан ташқари, қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, экологик соф технологияларни ўрганиш, ривожлантириш ва амалиётга жорий этишда ҳамкорлик қилинади.
Ҳамкорликда семинар-тренинг, давра суҳбатлари, форум, учрашувлар ва бошқа ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, шунингдек, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий соҳалардаги ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар билан боғлиқ жараёнлар оммавий ахборот воситалари, бошқа ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири