Мамлакатимиз умумий истеъмолидаги электр энергиясининг 85 фоизини ишлаб чиқарувчи “Иссиқлик электр станциялари” корхоналарида юртимизга кириб келаётган совуқ ҳаво оқими шароитида ишлар тизимли режа асосида ташкил этилади.
– Юртимиз бўйлаб кутилаётган совуқ об-ҳаво кунларида 24 соат мобайнида фаолият юритаётган махсус штаб ёрдамида қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида ишлар икки карра оширилган ҳолда ташкил этилмоқда, – дейди “Тахиатош иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти техник ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Юнус Бажанов. – Штаб аъзолари томонидан энергоблокларнинг барқарор ва ускуналарнинг бир меъёрда ишлашини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Айни пайтда мутахассислар томонидан ишлаб чиқариш барқарорлигига эришиш, юзага келиши мумкин бўлган техник ҳолатларнинг олдини олиш, энергоускуналарнинг бенуқсон ишлашини таъминлаш мақсадида энергоқурилмаларда узлуксиз техник кўриклар ўтказилмоқда.
Корхонада куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида асосий ва ёрдамчи ускуналарнинг барқарор ишлаши бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ишлар белгиланган жадвал асосида олиб борилди. Бунинг натижасида аҳоли ҳамда саноат корхоналари узлуксиз ва ишончли электр энергияси билан таъминланмоқда. Шунингдек, об-ҳаво кескин пасаядиган кунларда станция бош бошқариш щитида электр энергиясига бўлган талаб ҳамда таклифдан келиб чиқиб, ҳар соатлик режимни шакллантириш, техник-иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш, авария режимлари юзага келишининг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва тизимнинг қайта ишончлилигини тиклашга қаратилган чора-тадбирлар кетма-кетлиги белгилаб олинган. Ҳозирги пайтда корхонада ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларига етказиб берилмоқда.
Электр станциянинг жорий йил январь-октябрь ойлари учун электр энергияси ишлаб чиқариш режаси 3,5 миллиард кВт. соат бўлиб, амалда 3,85 миллиард кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 110 фоизга бажарилди. Ҳозирда корхона кунига ўртача 14 миллиард кВт. соат электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Акциядорлик жамият объектларига шу кунга қадар жами қуввати 1056 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди. Ушбу фотоэлектр станциялари орқали 505,4 минг кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва 54,1 минг м3 табиий газ иқтисод қилинди. Шунингдек, 250 дона қуввати 90 Вт, 130 дона қуввати 150 Вт бўлган жами 380 дона автоном қуёш ёритгичлари станциянинг ташқи ёритиш тизимига ўрнатилди. Жами қуёш фотоэлектр станциялари, частота ўзгартирувчи қурилмалар, ҳаракат датчиклари ва автоном қуёш ёритгичларини ўрнатиш ҳисобига 1460448,56 кВт соат электр энергияси тежаб қолинди ва ўз навбатида 154859,7 м3 табиий газ иқтисод қилинишига эришилди.
Корхонада ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин келиб чиқиши сабабларига қарши ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ойлик доирасида 28-ёнғин-қутқарув қисми масъул ходимлари билан биргаликда амалий машғулот ташкил қилинди.
Тадбирда фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, ўт ўчириш ускуналаридан тўғри фойдаланиш бўйича тушунтириш берилди. Амалий ўқув-тактик машғулотлари ташкил қилинишидан кўзланган мақсад куз-қиш мавсумида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги даражасини оширишга қаратилган тадбирларни кучайтириш, ходимлар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назоратга олишдан иборат.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА