Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида уй-жойга муҳтож икки нафар ёшга “Меҳр дафтари” жамғармаси маблағи ҳисобидан турар жой маиший буюмлар билан бирга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этиб, мамлакатимизда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга хонадонлар ажратиш белгиланган. Ёшларга янги уй-жойнинг топширилиши “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси эканлиги таъкидланиб, Янги йил арафасида уларга ажойиб байрам туҳфаси бўлди.
Тадбирда ёшларга янги турар жойнинг калитлари топширилиб, иштирокчилар яратилган шароитлар билан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.