ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукуслик Саломат Алламбергенов маҳоратли ёш кулоллардан.
Болаликдан рассомчиликка қизиққан Саломат Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат лицей-интернатида тасвирий ва амалий санъат сирларини ўрганган. Кейинчалик, кулолчиликка меҳри тушиб, лойдан турли буюмлар ясаш билан шуғулланади. Ҳозирда у Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Санъатшунослик факультетининг амалий санъат-бадиий кулолчилик бўлимида таҳсил олмоқда. Шу билан бирга, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси ҳамдир.
С. Алламбергенов ёш бўлишига қарамай, кулолчиликни ривожлантириш, уни кенг жамоатчилик ва ёшлар ўртасида тарғиб қилиш, анъаналарни давом эттиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ёш кулол Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда мамлакат миқёсида ўтказилаётган қатор нуфузли фестиваль ва тадбирларда ўз ҳунармандчилик намуналари билан қатнашиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг май ойида Фарғона вилояти Риштон туманида ўтказилган “Анъанавий туркий халқлар ҳунармандчилиги” форумида ҳамда шу йили сентябрь ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган “II-Халқаро ҳунармандчилик фестивали”да муваффақиятли қатнашди. Шунингдек, куни кеча Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейида ўтказилган “Лойдан яратилган маржонлар” номли кўргазмаси кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА