Айни пайтда мамлакатимизда миришкор деҳқонлар етиштирган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Ушбу мавсумий ишларга бандлиги таъминланмаган ишсиз фуқаролар вақтинча жалб қилиниб, уларга фермерлар ва тегишли ташкилотлар томонидан хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитлари яратилган. Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича мониторинг тадбирлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Хўжайли туманидаги “Бек тех агро” фермер хўжалигида мавсумий меҳнат хавфсизлигининг тўғри ташкил қилингани билан танишганимизда бунга гувоҳ бўлдик.
– 2019 йилда ташкил этилган хўжалигимиз асосан пахта етиштиришга ихтисослашган, – деди фермер Б.Сапарбаев. – Умумий ер майдонимиз 89,3 гектарни, шундан экин майдони 75,6 гектарни ташкил этади. Айни пайтда кунига юз нафардан ортиқ ҳашарчи ва теримчи ёрдам бераётган бўлса, уларнинг кўмаги билан кунда 2 тоннадан зиёд пахта хирмони яратилмоқда. Айни пайтда давлатга пахта топшириш режаси 90 фоизга бажарилди. Ҳали ҳам далаларда ҳосил бор. Белгиланган режани 105 фоизга бажариш ниятидамиз.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари