“Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун “Тахиатош” сув тозалаш иншоотига пресс-тур ташкил этилди.

“Туямўйин”, “Нукус” сув тозалаш иншоотлари каби “Тахиатош” сув тозалаш иншоотида ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларга каналдан келтирилган сувни тозалаб, аҳолига етказиб беришгача бўлган жараён намойиш этилди.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи аҳолисини узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Тахиатош” сув тозалаш иншооти бир кеча кундузда  60 минг/м3 сувни тозалаш қувватига эга.  Тахиатош, Хўжайли, Қонликўл, Шуманай, Қўнғирот, Мўйноқ туманлари ва Нукус шаҳрининг айрим ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаб келмоқда. Ушбу иншоотнинг сув таъминоти манбаи “Суенли” канали ҳисобланади. Иншоотда ичимлик сувнинг сифати лаборатория мутахассислари томонидан узлуксиз текширилиб, назорат қилиб борилади. Сувни қайта ишлашда қўлланиладиган воситалар (коагулянт, суюқ хлор) захираси мавжуд.

Тадбирда каналдан олинадиган сувнинг лойқалиги бошқа жойларга нисбатан юқорилиги туфайли тозалаш жараёнларида кўп миқдорда куч ва электр энергияси сарфланиши қайд этилди. Бу эса аҳолига етказиб берилаётган сувнинг ишлаб чиқариш таннархига ўз таъсирини кўрсатади. Шу жиҳатдан, мутахассислар томонидан сувни тозалаш жараёнидаги муаммолар, унинг аҳолига арзон нархларда етказиб берилишидаги машаққатли меҳнатнинг қадрига етиш лозимлиги, бунинг учун эса ҳар бир истеъмолчи сувдан оқилона фойдаланиши зарурлиги бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА.