Нукусда юнон-рум, эркин кураш ва аёллар кураши бўйича “New Uzbekistan” халқаро мусобақаси ғолиблари аниқланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 июлдаги “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ташкил этилган мусобақада Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Қирғиз Республикаларидан ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 300 нафардан зиёд спортчи иштирок этди.
Уч кун давом этган мусобақа якунида юнон-рум кураши бўйича ўз вазн тоифаларида мамлакатимиз вакилларидан А.Халимбоев, Т.Туйев, М.Бахшиллоев, А.Абдумуталибов, С.Рустамов, энг оғир вазнда Беларусь Республикасидан Д.Зарубский, эркин кураш бўйича вакилларимиздан М.Шавкатов, С.Даминжанов, Ш.Поёнов, Н.Абдурашидов, Қирғиз Республикасидан Б.Шариб ўғли, Қозоғистондан А.Қурманалиев биринчи ўринларни эгаллади.
Аёллар кураши бўйича 50 кг вазн тоифасида Тожикистондан В.Шакаршоева, қолган 5 та вазн тоифасида қорақалпоғистонлик спортчи қизлар ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, С.Жиенбоева, А.Қурбанбоева, М.Қўшмуратова, Н.Есенбоева ҳәм В.Тўрениязова биринчи ўринларга сазовор бўлишди.
Халқаро мусобақа ғолиб ва совриндорларига ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари