Эртага пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ITKF каратэ-до бўйича жаҳон кубоги беллашувлари бошланади.

Мазкур нуфузли мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Халқаро ITKF каратэ-до федерацияси президенти Гильберто Герднер, Осиё-Океания каратэ федерацияси раҳбари Иброҳим ал-Бакир, Пан-Америка каратэ федерацияси етакчиси Жусто Гомес, Европа каратэ федерацияси ҳакамлараро кенгаши бошлиғи Элижио Контрело, Африка каратэ федерацияси президенти Рами ва Ўзбекистон ITKF каратэ-до федерацияси раиси Шуҳратжон Кушмуратов журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Анжуманда таъкидланганидек, Тошкент татамиларида кечадиган мусобақаларда Миср, Қувайт, Ҳиндистон, Исроил, Жазоир, Италия, Бразилия каби 26 дан зиёд давлатнинг 800 га яқин каратэчилари ғолиблик учун кураш олиб боради.

Халқаро ITKF каратэ-до федерацияси президенти Гильберто Герднер Ўзбекистонда спортга, хусусан каратэнинг турли йўналишларини ривожлантиришга берилаётган эътиборни юксак баҳолади. Бу, мазкур жаҳон кубоги мусобақаларига кўрилган тайёргарлик жараёнларида ҳам ўз аксини топганини, Тошкент турли спорт турлари бўйича нуфузли турнирлар ўтказиладиган мегаполис шаҳарга айланиб бораётганини эътироф этди.

Матбуот анжумани иштирокчилари мусобақа дастури билан таништирилди.

Жаҳон кубоги мусобақалари 7 октябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА