Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Фаластин ахборот ва маълумот агентлиги – wafa.ps саҳифаларида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Фаластин ташқи ишлар ва экспатриантлар вазири Риёд Маликий билан учрашувига бағишланган мақола эълон қилинди.
Муаллиф Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мулоқот якунида келгуси ҳамкорликни назарда тутувчи тегишли ҳужжат имзолангани, шунингдек, бошқа масъул ходимлар иштирокида қизғин маслаҳатлашув йиғилиши бўлиб ўтганига эътибор қаратган. Ўзаро муносабатларнинг аҳамияти, алоқаларни янада ривожлантириш зарурлиги муҳокама қилинганини батафсил ёзган. Учрашувда икки халқ асрлар давомида шакллантирган тарихий ришта кўплаб йўналишларда шерикликни кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор экани таъкидланган.
Томонлар Ўзбекистон ва Фаластин бозорларини кашф қилишда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлаган.
Кенг қамровли учрашув якунида Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув тўғрисидаги Баённома имзоланди. Икки томонлама муносабатнинг устувор йўналишлари, белгиланган аниқ мақсадлар ва бу йўлдаги асосий қадамлар кўрсатилган мазкур ҳужжат ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутиши маъқулланди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА