Мамлакатимизда малакали журналист кадрларни тайёрлаш, ахборот маконини янгича талқиндаги кўрсатув ва лойиҳалар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ана шундай лойиҳалардан бири жорий йилнинг 17-20 август кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Угам оромгоҳида ташкил этилади. “Media camp 2023” лойиҳаси доирасида журналистлар учун семинар-тренинг ўтказилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси хабар тарқатди.

Мазкур медиа оромгоҳда Ўзбекистон Миллий медиасига аъзо телерадиоканалларнинг 100 дан ортиқ ижодий ва техник ходимлари Франция, Туркия ва Ўзбекистоннинг малакали журналистлари ҳамда Юнисеф ташкилотининг мутахассислари билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади.

Тўрт кун давом этадиган медиа оромгоҳда тажрибали ва таниқли журналистлар ёш журналистларга креатив, тезкор, холис контент тайёрлаш бўйича сабоқ беришади.

Бундан ташқари, мазкур треннинг давомида кўнгилочар дастурлар, қизиқарли спорт мусобақалари ўтказилиб, унда ўз иқтидорини намойиш этганлар сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.

Т. Рўзиев, ЎзА.