Халқаро олимпия қўмитаси ва Халқаро бокс ассоциацияси ўртасида жанжал давом этар экан, Олимпия ўйинларида бокснинг келажагини таъминлаш мақсадида янги халқаро ташкилот – Жаҳон бокс федерацияси ташкил этилди.
Жаҳон бокс федерациясига Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Филиппин, Швеция ва АҚШ миллий федерациялари вакилларидан иборат вақтинчалик ижроия кенгаш раҳбарлик қилади.
World Boxing ўз олдига Олимпия ҳаракатида боксни сақлаб қолиш, спортчиларнинг манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, ҳалол ва адолатли рақобатни таъминлашни мақсад қилган.
Шунингдек, у боксчилар манфаати учун ишлаб чиқилган рақобат тузилмасини яратиш ва энг қатъий бошқарув стандартлари ва шаффоф молиявий тизим билан ишлашни ваъда қилмоқда.
World Boxingнинг йиллик бюджети 900 000 евродан иборатлиги ҳамда ушбу ташкилот бош қароргоҳи Лозаннада бўлиши таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бокс спорт тури 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастуридан олиб ташланган. Келгуси йили Парижда ўтадиган Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларини бошқариш, саралаш тизимидаги турнирлардан Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) четлаштирилган.
Т.РЎЗИЕВ, ЎзА