Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Баттсесег билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг кейинги йилларда уч баробарга ўсишининг ижобий динамикаси қайд этилди. Томонлар жорий кўрсаткичларни сезиларли даражада ошириш учун қатор имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашни кенгайтириш ва ҳажмини ошириш чораларини кўриш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Шу билан бирга, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболлари ҳам таҳлил қилинди.

Қишлоқ хўжалиги, енгил ва электротехника саноати соҳаларида аниқ лойиҳа таклифларини ўзида мужассам этган Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастурнинг қабул қилиниши бу борадаги устувор ва биринчи даражали чора-тадбирлар сифатида белгиланди.

Шу нуқтаи назардан томонлар Тошкент ва Улан-Батор шаҳарларида қўшма бизнес-форум ва кўргазмалар ўтказишга келишиб олди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Мўғулистон ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш тўғрисида битим имзоланди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон – Мўғулистон кўп қиррали алоқаларини янада ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади.

ЎзА