Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилаётган Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини, муносабатини билдирмоқда.
— Конституциявий қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис ва Президент олдидаги масъулияти кучайтирилмоқда, — деди депутат Ўрол Ўрозбоев. — Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини Президент томонидан белгилаб берилган ижро этувчи ҳокимиятнинг асосий йўналишлари доирасида амалга ошириши белгиланмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамасининг муайян аъзосининг ўз фаолияти юзасидан ҳисоботини эшитиш ҳамда зарур бўлганда, уни истеъфога чиқариш тўғрисида Президент кўриб чиқиши учун таклиф киритиш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ишида очиқликни, қонунийликни таъминлаш, барқарор иқтисодиётнинг ўсиши, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш, ҳудудларни комплекс ва барқарор ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари ҳам кенгайтириб берилмоқда, — деди депутат.
Муҳтарама Комилова, ЎзА