Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамасида қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш, кадрлар тайёрлаш, моддий техника масалаларни ҳал қилиш кераклигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Энг муҳими, ҳудудларда иккита орган ўртасида вазифалар такрорланишига йўл қўймаслик учун уларнинг ваколат ва вазифаларини аниқ қилиб ажратиб бериш лозим бўлади. Унга кўра, кенгашлар раиси ва ҳоким лавозимларининг бир-биридан ажратилиши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар даражасида давлат ҳокимияти органларига нисбатан 2024  йилдаги навбатдаги  Маҳаллий кенгашларга сайлов натижалари бўйича, туман ва шаҳар  вакиллик ва ижро органларига нисбатан эса 2026 йил 1  январидан бошлаб қўлланиши белгиланмоқда.

Яна бир масала: лойиҳанинг илгари эълон қилинган таҳририда  Халқ депутатлари кенгаши томонидан  маҳаллий бюджетни кўриб чиқиш фақатгина ҳокимнинг тақдимига биноан амалга оширилиши кўрсатилган эди. Бу эса депутатларнинг бу борада  ваколатини бевосита ҳокимга боғлаб қўйган эди. Эндиликда мана шундай  тобелик чиқариб ташланмоқда.

Яъни, мазкур норманинг янги матнида Халқ депутатлари кенгаши  маҳаллий бюджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш ваколати ҳеч қандай шартларсиз ҳамда тўсиқларсиз амалга оширилиши кўрсатилмоқда. Бундай қоида ҳудудий дастурларни тасдиқлаш жараёнига нисбатан ҳам татбиқ этилмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА