Ўзбекистондаги Озарбайжон Маданият марказида Умуммиллий лидер Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган Дўстлик музейининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари Марказ ҳовлисидаги Ҳайдар Алиев бюсти пойига гул қўйишди.
Шундан сўнг рамзий боғич кесилиб, меҳмонлар музейнинг турли бўлимлари, экспонатлар билан танишди. Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов мазкур музей, халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги тарихий дўстлик ва қардошлик риштаси ҳақида сўзлади. Озарбайжон учун Ўзбекистон билан муносабат доимо муҳим бўлиб келгани, давлат раҳбарлари учрашувлари туфайли кундан-кунга ривожланиб бораётган ҳамкорлигимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилганига урғу қаратди.
С.Аббосов Марказ томонидан Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлик музейини яратиш йўлидаги ишлар кўп йиллар давомида амалга оширилгани, мажмуадан тарихий дўстлик, умумий қадрият, давлат рамзи, харита, миллий маданий мерос, халқларимиз яқинлиги акс этган бурчак ва экспонатлар, макетлар, қизиқарли нашрлар жой олгани таъкидланди. У Ҳайдар Алиевнинг мамлакатларимиз ўртасида муносабат, дўстлик ва ҳамкорлик ўрнатишдаги бебаҳо ютуқларини қайд этиб, айнан шу сабабдан музейнинг очилиши Озарбайжон халқи миллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланганини билдирди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Гулбаҳор Саидғаниева буюк аждодларимиздан бизга мерос қолган озарбайжон ва ўзбек халқлари ўртасидаги тарихий дўстлик Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий каби тарихий шахслар тимсолида қадимий илдизга эга экани, Ўз вақтида Умуммиллий лидер Ҳайдар Алиев ва буюк давлат арбоби Шароф Рашидов ўртасида ривожлангани, эндиликда эса Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати натижасида мажуд муносабатлар тарихий паллага кирганини сўзлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев давлатларимиз кўп миллатли, кўп маданиятли эканини таъкидлаб, мамлакатларимизда турли халқлар ўзаро ҳурмат, тинчлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойили асосида яшаётганига урғу қаратди. У маданий алоқаларимиз ҳақида сўзлар экан, айни жараёнда Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият марказининг алоҳида ўрни борлигини эътироф этди. Мутахассис музейга Ўзбекистоннинг машҳур озарбайжонлари бюсти ўрнатилгани, шу асосда махсус бўлим яратилганини юқори баҳолади.
Шундан сўнг Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа сўзга чиқиб, Дўстлик музейи маданий-адабий, дўстлик алоқалари, кўплаб муштарак қадриятлар, урф-одат ва анъаналар, кўргазмали қуроллар, ноёб экспонатлар ва бурчаклар ёрдамида кўплаб умумий қадрият ва анъаналаримиз намойиш этилганига эътибор қаратди.
Музей икки қардош халқнинг муштарак қадрияти – тилимиз, динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, қадимий ва замонавий даврларни бир маконда тиклаган. Мажмуа буюк тарихий шахс Ҳайдар Алиевнинг юбилейи муносабати билан очилиши икки халқ учун тарихий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Давлат тарихи музейи директори Жаннат Исмоилова юксак музейшунослик диди ва ижодий ғайрат билан бунёд этилган объект келгусида янги музейлар яратиш учун намуна сифатида жуда фойдали бўлишини билдирди. У мазкур Дўстлик музейи туфайли икки халқ ва давлат ўртасидаги тарихий дўстлик, қариндошлик, ҳамкорликни кенг тараннум этувчи ноёб марказ яратилгани, унда намойиш этилаётган экспонатлар пухта ва мантиқий ташкил этилгани, ташриф буюрувчига ижобий таъсир кўрсата оладиган муваффақиятли тақдимот тури танланганини эътироф этди.
Музейдан давлат раҳбарларининг учрашувлари, мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий дўстлик, қардошлик, халқларимизнинг яқинлиги ғоя ва шиорлари, Ватан сарҳадлари озодлигига доир фотостендлар ҳам жой олган.
Музейнинг марказий қисмида озарбайжон ва ўзбек халқларини бирлаштирган қадриятларга доир рассомлар ишлаган ноёб суратлар, миллийлигимиз, тилимиз, динимиз, миллий байрамимиз бўлган Наврўз, муғом ҳамда мақом санъати, ошиқ ва бахшичилик санъати, ҳар икки ўлкада ўтказиладиган халқаро мусиқа фестиваллари стендлари, бурчаклар, моделлар, либослар, миллий мусиқа асбоблари ва кўплаб экспонатлар намойиш этилган.
“Ўзбекистондаги таниқли озарбайжонлар” бўлимида диёримизнинг ижтимоий, маданий ҳаётида фаол иштирок этган Саййид Рзо Ализода, шоирлар Мақсуд Шайхзода, Ихтиёр Рзо, давлат арбоби Ойдин Азимбеков, ҳайкалтарош Эйнулла Алиев, рассом Юсуф Ҳусейновнинг бюсти, уларнинг асарлари ва шахсий буюмларига гувоҳ бўлиш мумкин.
Маросимда Озарбайжон-Ўзбекистон Дўстлик музейи очилиши жамиятимиз ва ёш авлод учун тарихий дўстлик, ҳамкорликни, халқларимиз яқинлигини намойиш этиб, умумий маданий қадриятларни кенг тарғиб қилиш учун кўприк вазифасини ўтайди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА