Марказий Осиё давлатлари глобал таҳдидлар фонида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман Ашхободда бўлиб ўтган бешинчи Марказий Осиё экспертлари форумида гапирди.
“Бешинчи форум минтақа мамлакатларининг янада яқинлашуви, ўзаро ҳамкорлигини мутлақ барча жабҳаларда, айниқса, бугунги ўта оғир халқаро вазиятда чуқурлаштириш фонида ўтмоқда. Хусусан, хавфсизликка таҳдид нуқтаи назаридан ҳудудда халқаро терроризм ва экстремизмга, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш ва Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш муаммолари мавжуд”, деди Герман.
Махсус вакил сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш масаласи кун тартибидан ўрин олган.
“Атроф-муҳит хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига қарши кураш минтақа учун, жумладан, кам углеродли иқтисодиётни барпо этиш, ресурсларни тежаш ва яшил технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш долзарблигича қолмоқда”, дея қўшимча қилди Герман.
ЎзА