Душанбе, 9 март. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр Ўрозов хабар қилади.
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Душанбе шаҳрида бўлиб турибди.
Ташрифнинг асосий воқеалари Душанбе шаҳридаги Миллат қасрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Шундан сўнг Президентларнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Дўстона ва конструктив руҳда ўтган суҳбатда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентига самимий қабул ва Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этди.
Тожикистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва давлатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган ишларга юқори баҳо берди.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўзаро шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича қатъий азму-шижоат намойиш этмоқда. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар кўлами кенгайиб, конструктив сиёсий мулоқот ўрнатилаётир. Олий даражадаги алоқаларни янада кенгайтириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар янги давр талаблари асосида ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида 2000 йил имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномада икки томонлама муносабатларнинг асосий тамойиллари акс этган.
Томонлар халқаро майдонда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни изчил давом эттириб келмоқда.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб берадиган, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашда асосий омил бўладиган даражага кўтарилмоқда.
Тожикистон томони Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ва «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияларини, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида БМТ конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланишини билдирди.
Президентимизнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.