Иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимларнинг келгуси беш йилдаги энг устувор вазифаси – ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард доллардан ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 баравар кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 баравар қисқартиришдан иборат бўлиши зарур.

Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида айтилди.

Мутасаддиларга жорий йилда инфляция даражасини 9 фоиздан оширмаслик бўйича барча зарурий чораларни кўриш, шу билан бирга, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 10 триллион сўм кредитларни “маҳаллабай” кафолатли етиб боришини таъминлаш вазифаси топширилди.

–Барча орзу-ният ва интилишларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани- кеча, кундузни-кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз – ҳамма-ҳаммаси бизга катта умид ва ишонч билан боқиб турган халқимиз учундир, – деди Президент. – Бу борада ижтимоий йўналишдаги ислоҳотларимиз алоҳида аҳмиятга эга.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг асосий вазифаси – мактаб таълими сифатини ошириш, келгуси беш йилда мактабларда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш ҳамда дарсликларни янгилашдан иборат бўлади. Бу борада жорий йилда дарсликларни янгилашга ажратилаётган 600 миллиард сўмдан самарали фойдаланиш зарур.

Барча ҳудудларда давлат ва хусусий боғчаларни кўпайтириш орқали мактабгача таълимнинг қамров даражасини 67 фоиздан 80 фоизга етказиш, келгуси беш йилда камида 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтингларга киришини таъминлаш, хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш вазифаси топширилди.

ЎзА