Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб катта кўтаринкилик билан нишонланмоқда.

Байрам муносабати билан 14 январь куни эрта тонгда истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ҳамда ҳарбий хизматчилари ҳарбий оркестр садолари оcтида Мустақиллик монументига гулчамбарлар қўйдилар.

Шундан сўнг давлатимиз мадҳияси янгради. Тантанали марш садолари остида фахрий қоровул гуруҳи монумент атрофида юриш қилди.

Таъкидлаш лозим, Қуролли кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир жанговар кучга айланиб бормоқда.

 

Т. Рўзиев, ЎзА