Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан бўлиб ўтган учрашувда юқори мартабали меҳмонга Миллий марказнинг фаолияти ҳақида мухтасар сўзлаб берди.
Кейинги беш йилда Миллий марказнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ва унинг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси билан алоқалари бошқа давлатлар учун намуна бўларли даражада юксак босқичга кўтарилди. Бундай изчил ҳамкорлик аллақачон ўз натижаларини бермоқда.
Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиб, 2021 йил 1 январдан ўз миссиясини амалга ошириб келмоқда. Мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланган Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили 2022 йилдан вазифасини бажаришга киришади.
Шу маънода, БМТ Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги ушбу учрашув амалий алоқаларнинг мантиқий ва изчил давоми ҳисобланади. Миллий марказ инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорликдан ҳамиша манфаатдор.
Ўз навбатида Ни Аолайн хоним ҳамкорлик муносабати кейинги бир йилдан ортиқ вақт давомида тубдан кучайганидан мамнунлигини билдирди. Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2021 йил июль ойида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 47-сессияси, шунингдек, “Можароли ҳудудлардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация ҳамда реинтеграция қилиш” мавзусидаги семинар ишида фаол иштирок этганига юқори баҳо берди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр -1, 2, 3, 4, 5” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган беш юз нафар аёл ва бола юртимизга олиб келинди.
Ушбу инсонпарварлик ҳаракати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатлар, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ равишда амалга оширилди. Энг асосийси, БМТ Махсус маърузачиси таъкидлаганидек, қуролли можаро давом этаётган ҳудудларга бориб қолган аёллар ва болаларни ватанига қайтариш, ҳимоя остига олиш ҳамда жамиятга мослаштириш ишлари аввало миллий даражада ҳал этилиши жуда муҳим.
Фионнуала Ни Аолайннинг фикрича, бугунги кунда кўпгина давлатлар ўз фуқароларини можароли ҳудуддан олиб чиқиш билан шуғулланишни истамаяпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг бу борадаги миллий тажрибаси ўрнак олишга муносиб.
Мулоқот чоғида терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи ҳам муҳокама қилинди. Бунда Ўзбекистоннинг терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши курашиш соҳасида халқаро, минтақавий ва икки томонлама даражада миллий салоҳияти шакллангани, мустаҳкамланганига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон – халқаро терроризмга қарши курашнинг фаол иштирокчиларидан бири. Мамлакатимиз БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган. Бундан ташқари, республикамизда бу борада бир қанча миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистоннинг қонун ижодкорлиги ва халқаро ҳужжатлар қабул қилишда ташаббускорлик кўрсатиш соҳаларида етакчи эканини эътироф этган ҳолда, ана шу юксак салоҳиятдан “терроризм” тушунчасига таъриф беришда амалий фойдаланиш таклифини илгари сурди. Бинобарин, терроризмга қарши кураш тўғрисидаги асосий конвенциялар ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблея ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг тегишли резолюцияларида ушбу атамага аниқ изоҳ берилмаган.
Шунингдек, томонлар инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболини атрофлича муҳокама қилдилар. Терроризмнинг олдини олиш, терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларига амал қилиш, терроризм жабрдийдалари ва терроризмда айбланган маҳкумлар ҳуқуқини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун: Фионнуала Ни Аолайн – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимини бажаришга 2017 йил 1 августдан киришган. Бугунги кунга қадар Бельгия (2018 йил май), Франция (2018 йил май) ва Қозоғистон (2019 йил май)га ташриф буюрган.
Фионнуала Ни Аолайн Ирландияда туғилган, ҳуқуқ бакалаври, Белфастдаги Қироллик университети ва Колумбия университети юридик факультетларининг ҳуқуқ магистри, Европанинг бир қатор нуфузли олий ўқув юртлари профессори ҳисобланади. У китоблари ва илмий тадқиқотлари учун кўплаб академик унвон ва мукофотларга сазовор бўлган. Жумладан, Фулбрайт, Роберт Шуман, Лолор стипендиялари, Алон, Европа комиссияси мукофотлари соҳиби.
Белфастда жойлашган Одил судлов бўйича ижроия қўмитаси ва Фуқаро эркинлиги бўйича Ирландия кенгаши аъзоси. 2010 йили Халқаро ҳуқуқнинг Америка жамияти ижроия кенгашига уч йил муддатга сайланган ва 2014 йил ушбу Кенгашнинг Йиллик мажлисига ҳамраислик қилган.
Бундан ташқари Ни Аолайн Очиқ жамиятлар фондларининг хотин-қизлар дастури бўйича кенгаш раиси. Қийноқ жабрдийдаларига кўмаклашиш марказининг Миллий маслаҳат кенгаши таркибидан ҳам жой олган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати