Мамлакатимизда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг ошиб бориши юртдошларимизнинг ушбу турдаги озиқ-овқат маҳсулотини сотиб олиш имкониятини пасайтиришга сабаб бўлмоқда.
Тиббий стандартларга кўра, аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун 1,5 миллион тонна гўшт (бир кишига 42,8 килограмм) лозим бўлади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 25 октябрда «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Унга кўра, 2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни Ўзбекистонга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг май ойида давлатимиз раҳбари гўшт ва ўсимлик ёғининг жаҳон бозоридаги нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши кераклигини таъкидлаган эди.
Мазкур ҳужжат аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА