Қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда қайд этилганидек, партия мамлакатимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатдорлик, тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик ва шерикчиликни фаол ривожлантириш, яхши қўшничилик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор халқаро сиёсат юритиш тарафдори.

Ушбу йўналишда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиши масалаларини кўриб чиқиш, бу борада халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари масаласи юзасидан халқаро ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтириш зарур.

Шунингдек, минтақавий барқарор ижтимоий ривожланиш, муқобил энергетика ва замонавий тиббиёт соҳаларида инновацион дастурлар ҳамда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтириш, чет элда меҳнат қилаётган фуқароларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга эътибор қаратилади.

Ташқи сиёсат вазифаларини самарали амалга ошириш мақсадида парламентлараро алоқа институтларини ривожлантириш, гуманитар, маданият, санъат, илм-фан, спорт ва туризм, нодавлат ташкилотлар ҳамда партиялараро алоқалар соҳаларида “халқ дипломатияси” усулларини қўллаш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро ахборот ресурсларидан фаол фойдаланиш каби ижтимоий-сиёсий механизмлар таклиф этилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА