Қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда таъкидланганидек, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан биридир.

Маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни шакллантириш ва тасдиқлаш лозим. Мазкур дастурларни ҳудудларда иш ўринлари ташкил этишга доир давлат буюртмалари ҳамда ўрта махсус, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш зарур.

Шунингдек, ҳудудий ривожлантириш дастурларида маҳаллий саноатнинг ўсиши билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш, бу борада ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда қишлоқ хўжалигида натижадорликни ошириш имконини берадиган хўжалик юритиш шаклларини жорий қилиш, шу асосда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ва самарали тизимини яратиш, қишлоқ инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва технологияларини ривожлантиришга сармоя киритилишини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш керак.

Ушбу вазифалар ҳал қилиниши орқали ички бозорни арзон озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга молик товарлар билан тўлдириш, нархларнинг кескин ўсиб кетишини олдини олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш корхоналарида барқарор ва юқори ҳақ тўланадиган янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш самарадорлигини оширишга эришилади.

Иқтисодиётни либераллаштириш ва эркин бозор муносабатлари жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш кафолатини бермайди, деб ҳисоблайди. Шу боис давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш бўйича демократик тизимни шакллантириш лозим.

 

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА