Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева 25 август куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакалани қабул қилди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, шунингдек, таълим ва экология соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
“Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” парламент ҳамкорлик қўмитаси доирасида самарали алоқаларни давом эттириш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Таъкидлаш керак, унинг 15-мажлиси 2021 йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Тери Хакала Ўзбекистон халқини давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан самимий қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) доирасида бенефициар мамлакат мақомини олганини мамнуният билан эътироф этди. Бу эса ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим босқич ҳисобланади.
Йиғилишда томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича ишлар якунланишидан манфаатдор эканлигини билдирди.
Шунингдек, бўлажак тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий сиёсат билан боғлиқ вазиятлар юзасидан фикр алмашилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбири