Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.

Унда жорий йил 24 октябрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштирокига оид масалалар кўриб чиқилди.

Сайлов кодексининг 63-моддаси талабларидан келиб чиқиб, “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган бўлажак номзод тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

Партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган бўлажак номзод бўйича тегишли маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

«Адолат» СДП 2021 йилги президентлик сайловларида партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимов номзодини илгари суради.

Сайлов кодексига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси партия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 5 кунлик муддатда кўриб чиқиб, ариза қаноатлантирилган ҳолатда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.

 

Н.Насриев, ЎзА