Президент раҳбарлигида йил охирига қадар ҳудудлар ва тармоқларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича аниқ чораларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда иккинчи ярим йилликда йирик тармоқ саноат корхоналарида маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш лозимлиги қайд этилди.

“Минск трактор заводи”дан келаётган тракторларни маҳаллийлаштириш даражасини йил охирига қадар 25 фоизгача етказиш, Тошкент, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 6 та иссиқлик ҳамда Навоий ва Самарқандда 2 та қуёш электр станциясини фойдаланишга топшириш ҳисобига генерация қувватларини 1 минг 800 мегаваттга ошириш, йил якуни билан 72,4 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

–“Навоийазот”да қўшимча 288 минг тонна аммиакли селитра ва 427 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш ҳамда “Қўқон суперфосфат заводи”ни модернизация қилиш ҳисобига 126,5 минг тонна суперфосфат ишлаб чиқариш зарур. Шунингдек, ташқи бозордаги қулай нарх-навони инобатга олиб, йил якуни билан 257 миллион долларлик минерал ўғитлар экспортини таъминлаш лозим, – деди давлатимиз раҳбари.

Мутасаддиларга жорий йилнинг иккинчи ярмида ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 142 триллион сўмга етказиш, бунинг учун, “драйвер” бўлган йирик маҳаллий саноат корхоналарида 60 триллион сўмлик юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш вазифаси топширилди.