9 июнь куни Бохтар шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига ташрифи арафасида биринчи Ўзбекистон – Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, икки мамлакат вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари, чегарадош вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг турли ҳудудларидан келган 300 га яқин тадбиркорлар иштирок этди.

Форумни очар экан икки мамлакат делегация раҳбарлари иқтисодий шерикликни кенгайтириш, юқори технологияли қўшма корхоналарни ташкил этиш, оммабоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва истиқболли бозорларга кириб бориш бўйича кооперация алоқаларини йўлга қўйишнинг салмоқли салоҳиятини қайд этиб, Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармон доиралари вакилларини фаол ва муваффақиятли ҳамкорликка чақирди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни мустаҳкамлаш йўналишлари ҳақида сўзлар экан, икки мамлакат делегация раҳбарлари ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидландики, географик жиҳатдан яқинлиги ва логистиканинг қулайлиги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро савдони ривожлантириш учун мисли кўрилмаган қулай шарт-шароитлар яратади. Шу муносабат билан, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва қўшма бизнес ташаббусларини амалга оширишда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида икки мамлакат чегарадош ҳудудлари раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари янада фаоллаштирилиши зарурлиги таъкидланди.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида 50 миллион долларлик устав капиталига эга Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция жамғармаси ташкил этилгани тилга олинди.

Форум давомида икки мамлакат ҳудудлари ва тегишли идоралар раҳбарлари сўзга чиқиб, инвестициявий ҳамкорликнинг имкониятлари, шунингдек, автомобиль саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини биргаликда рўёбга чиқариш юзасидан аниқ таклифларнинг тақдимотини ўтказди. Шунингдек, тадбир доирасида “B2G” ва “B2B” шаклида иштирокчиларнинг манзилли учрашувлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Форум якунлари бўйича Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим, автомобиль, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқариш, интенсив боғлар, иссиқхона комплекслари, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш борасидаги битимлар, шунингдек, бир қатор савдо шартномалари имзоланди. Имзоланган ҳужжатларнинг умумий суммаси 730 миллион долларни ташкил этди.

 

ЎзА