Ўзбекистон Республикаси Президенти “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, маҳаллаларда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли уч нафар фаол нуронийни бешта камбағал оилага бириктириш орқали уларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш ҳамда маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этилади.
Фаол нуронийларнинг асосий вазифаси қуйидагилардан иборат бўлади:
а) оилаларни камбағалликдан чиқариш йўналишида:
хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш, томорқада юқори даромадли экин турлари экилишини ташкил этиш, экинларни парваришлаш кўникмасини шакллантириш ҳамда етиштирилган маҳсулотларнинг реализация қилинишига кўмаклашиш;
оилани даромадли қилиш учун кўчма дўкон, кичик ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа зарур техника воситаларини бўлиб тўлаш шарти билан ижарага олишга ёрдамлашиш;
камбағал оила фарзандларини, уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб маҳаллалардаги ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктириш, шунингдек, ушбу оилаларнинг таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларини ўқув жиҳозлари ва қуроллари ҳамда спорт кийимлари билан таъминлаш, уларнинг қўшимча дарслар ва тўгаракларга қатнашишини ташкил этиш;
оиланинг ижтимоий шартномадаги мажбуриятларини бажариши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини ташкил этиш;
б) маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўналишида: маҳаллада пиёда юриш маданиятини тарғиб қилиш;
хонадонларнинг санитария ҳолатини яхшилашга ва тозаликни сақлашга, оила аъзоларини зарарли одатлардан воз кечишга чақириш;
кекса ёшдаги фуқаролар учун мос келадиган спорт тадбирларини ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, шунингдек, спорт тадбирларида қатнашиш билан боғлиқ харажатларни, жумладан транспорт харажатларини қоплаб беришни ташкил этиш;
в) ҳар бир маҳаллада «Нуронийлар ва ота-оналар кенгаши»ни ташкил этиш орқали маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш йўналишида:
оилаларда аҳиллик ва миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро ҳамжиҳатлик ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш;
ногиронлиги бўлган, профилактик ҳисобда турган ва кам таъминланган шахсларни маҳаллалардаги жамоат тадбирларига жалб қилиш;
муаммоли ва боқимондалик кайфиятига тушиб қолган оилалар билан ишлаш.
Қарорга мувофиқ, фаол нуронийларга камбағал оилалар олти ой муддатга бириктирилади ҳамда «маҳалла еттилиги» оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашда нуронийларга яқиндан ёрдам беради.
Фаол нуронийлар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи миқдорида рағбатлантириб борилади.
ЎзА