Футбол бўйича Европа Чемпионлар лигасининг 5-тури доирасидаги биринчи кунги баҳслар бўлиб ўтди.

Мазкур турнинг дастлабки ўйинида “Спарта Прага” жамоаси ўз майдонида Мадриднинг “Атлетико” клубига қарши ўйин ўтказди ва 0:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. “Слован Братислава” ва “Милан” клублари ўртасидаги баҳсда Милан шаҳри жамоаси 2:3 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди.

Чемпионлар лигасидаги сўнгги ўйинларда 3 тадан кўп гол ураётган “Барселона” бу тур учрашувида ҳам ўз анъанасига содиқ қолди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Каталония клуби навбатдаги рақиби “Брест” жамоасини 3:0 ҳисобида таслим қилди. Учрашувдаги голларга Роберт Левандовски ва Дани Ольмо муаллифлик қилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Роберт Левандовски “Брест” жамоасига урган голлари ҳисобига Чемпионлар лигасида 100 та гол урган учинчи ўйинчига айланди. Аввал бу кўрсаткичга фақат Криштиану Роналду ва Лионел Месси эришган эди. Ҳозирда унинг голлари сони 101 тага етди. Левандовски айни дамда мусобақада 7 та гол урган ҳолда тўпурарлар рўйхатида карвонбошилик қилмоқда.

Турдан-турга ўзини тиклаб олаётган “Бавария” клуби “Allianz Arena” стадионида “ПСЖ” билан рақобатлашди. Учрашувнинг 38-дақиқасида Ким Мин Жае ўйиндаги ҳисобни очди ва бу гол ўйин якунига қадар сақланиб қолди. Шу тариқа “Бавария” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ҳамда муҳим 3 очкони ўз ҳисобига қўшиб қўйди. Ушбу клубдан фарқли ўлароқ “Манчестер Сити” турдан-турга очко йўқотишда давом этмоқда. Ўтган турдаги мағлубиятдан сўнг “МС” “Etihad Stadium”да “Фейеноорд” билан 3:3 ҳисобида жанговар дуранг қайд этди.

Лондон шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган “Арсенал” жамоаси ушбу турда “Спортинг” меҳмони бўлди. Учрашувда “Арсенал” клуби 1:5 ҳисобида зафар қучиб, йирик ғалаба қайд этди. Шунингдек, Чемпионлар лигасининг 5-турида “Интер” – “РБ Лейпциг” 1:0, “Байер 04” – “Зальцбург” 5:0, “Янг Бойз” – “Аталанта” 1:6 натижалари қайд этилди.

Чемпионлар лигасида бугун тунда мазкур тур доирасидаги қуйидаги баҳслар бўлиб ўтади:

22:45 – “Црвена Звезда” – “Штутгарт” ;

22:45 – “Штурм” – “Жирона”;

01:00 – “Динамо Загреб” – “Боруссия Д” ;

01:00 – “Ливерпуль” – “Реал Мадрид” ;

01:00 – “Астон Вилла” – “Ювентус” ;

01:00 – “Монако” – “Бенфика” ;

01:00 – “Селтик” – “Брюгге” ;

01:00 – “ПСВ” – “Шахтёр” ;

01:00 – “Болонья” – “Лилль”.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА