Божхона қўмитасида Россия Федерал божхона хизмат раҳбари В.Пикалёв бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Ўзбекистон – Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу эса божхона соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка ҳам ижобий ва ҳаракатлантирувчи таъсир этаётганини қайд этди.

Икки томонлама учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ташқи савдо юклари учун жорий қилинган «Соддалаштирилган божхона йўлаги» тамойилини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар бир-бирларининг ваколатли иқтисодий операторлари учун назарда тутилган қулайликлар ва енгилликларни кенг миқёсда татбиқ этиш, божхона лабораториялари томонидан ўтказиладиган экспертиза жараёнларини методологик жиҳатдан мувофиқлаштириш, кинология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Россия божхона хизмати делегацияси 2023 йилнинг 29 августида шахсан давлатимиз раҳбарининг Божхона қўмитасига ташрифи чоғида ишга туширилган Божхона расмийлаштируви маркази ва Марказий божхона лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўзбекистонда божхона органлари фаолиятини рақамлаштириш ва тартиботларни соддалаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган натижалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 2 декабрида Самарқанд шаҳрида иккала давлат божхона хизмати раҳбарлари Ўзбекистон ва Россияда божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш тўғрисида битим имзолаган эди.

Мазкур битим амалга ошиб, ҳозирда Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Россиядаги вакили ўз фаолиятини муваффақиятли тарзда давом эттирмоқда.

Россия Федерал божхона хизмати делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

Ш.Маматуропова,

ЎзА