АОКАда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда қайд этилишича, жорий йилнинг май-ноябрь ойларида республиканинг 12 та (Жиззах, Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Фарғона, Қашқадарё, Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятлари) ҳудудида  маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун малака ошириш курслари ташкил этилди. Малака ошириш курсларида 12 та ҳудуддаги 2 минг 683 та маҳалладан 2 минг 313 нафар маҳалла хотин-қизлар фаоллари иштирок этди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, мавжуд қонунчиликда маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш борасида вазифалар белгилаб берилган. Бу вазифа  асосан “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтига юклатилган. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари учун узлуксиз ва касбий ривожлантириш тизимини ташкил қилиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона электрон платформа “Рақамли таълим платформа”си (https://oilamalaka.uz/)  ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган.

Малака ошириш дастурига асосан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий мавзуларда 20 га яқин маъруза матни, тақдимот, тарқатма материал, 10 дан ошиқ видеодарс тайёрланиб, платформага жойлаштирилди. Малака ошириш курси 36 соатга мўлжалланган бўлиб, 18 соати онлайн ва 18 соати оффлайн тарзда ташкил этилиши кўзда тутилган.

Маҳалла хотин-қизлар фаоллари ҳудудларда жами 80 та гуруҳга бўлинган ҳолда 6 кун мобайнида бўлиб ўтган ўқув-семинарларида иштирок этди ва “Рақамли таълим платформаси” орқали  малака ошириш жараёнлари мониторинг қилиб борилди. Маҳалла хотин-қизлар фаоллари малака ошириш курси тингловчиларини услубий қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 мингдан ортиқ услубий қўлланма, буклет ва флаерлар тарқатилди.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА