Қувайтда Осиё олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг 90-йиғилишида ташкилот фаолиятининг яқин келажакдаги режалари, олдинда турган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Ушбу тадбирда Осиё олимпия кенгаши вице-президенти, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, қўмита бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов иштирок этиб, кун тартибидан ўрин олган “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ўйинларининг ташкилий масалаларига оид сўнгги янгиликлар билан танишди.

ООК Ижроия қўмитаси масъуллари мавзу бўйича ўз тақдимотларини ўтказишди. Тадбирда ООК доимий қўмиталари ўз фаолияти юзасидан ҳисоботларни тақдим этди. Муҳокамалар жараёнида Осиё олимпия кенгаши ҳамда Қувайт ҳукумати ўртасида ташкилот штаб-квартирасининг автономлиги бўйича келишув имзоланди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси масъуллари сафар давомида Қувайт давлати ҳамда қитъа Олимпия оиласининг юқори мартабали аъзолари, ООК раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига оид учрашувлар ўтказди. Дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш хусусида келишувларга эришилди.

Т.Рўзиев,  

ЎзА