Янги қонун
Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолияти давлатимиз раҳбарининг ёпиқ қарорлари билан тартибга солиб келинган. Бу борада очиқ тарздаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас эди.
Президент давлат хавфсизлик хизмати махсус ваколатли орган ҳисобланиб, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий, ташкилий, қўриқлаш, режим, тезкор-қидирув, муҳандислик-техник ва бошқа тадбирлар мажмуини амалга оширади.
Бунда Президент давлат хавфсизлик хизмати тезкор хизмат фаолиятининг алоҳида жиҳатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўғридан-тўғри таъсир этади.
Хусусан, Президент давлат хавфсизлик хизмати ўзига юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида қўриқланувчи шахслар манфаатларини кўзлаб, қўриқлаш тадбирлари ўтказилаётган жойларда эркин ҳаракатланишни, қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектлари атрофида ва ҳаракатланиш йўналишларида турли хил объектларнинг қурилиши ва реконструкциясини, қўриқланувчи шахсларга ва улар бўлиш объектларида хизмат кўрсатишга бевосита жалб этилган ташкилотларнинг меҳнат фаолияти амалга оширилишини ва бошқа ҳаракатларини чеклайди.
Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари ҳамда қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган
ва куч ишлатувчи тузилмалар ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўқ отар қуролни қўллашнинг аниқ тартиби белгиланмаган.
Янги қонунда шу каби жиҳатларни тартибга солиш кўзда тутилган. Хусусан, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қўлланиладиган умумэътироф этилган тушунчалар ва атамалар, уларнинг мазмунини шарҳлаш ва тўғри қўллаш мақсадида ушбу фаолият турининг принциплари белгиланди.
Қўриқланиши белгиланган шахсларнинг тоифаси, Президент давлат хавфсизлик хизматининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунда кўрсатиб ўтилди.
Қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари аниқлаштирилди. Президент давлат хавфсизлик хизматининг шахсий таркибини бутлаш тартиби, ҳарбий хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар томонидан ҳақиқий ҳарбий хизмат ўташнинг алоҳида жиҳатлари, уларга ҳарбий унвон бериш ва касбий тайёргарлигини ташкил этиш, ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси кафолатлари белгиланди.
Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимларини хизмат гувоҳномалари, жетонлар ва ҳарбий кийим-кечак билан таъминлаш масалалари, улар томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилишининг батафсил шартлари ва тартиби, мазкур хизмат фаолиятини назорат қилиш тартиби ҳам қонун билан қамраб олинди.
Қонун билан Президент давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этиш учун шаффоф ҳуқуқий база яратилди. Фуқароларнинг ушбу хизмат билан ўзаро муносабатлардаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини МДҲ давлатлари билан имзоланган халқаро шартномаларга мувофиқлаштириш имкони яратилди.
Ушбу қонун Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида манфаатдор вазирликлар ва идоралар, мутахассислар ва илмий доиралар вакилларидан иборат тузилган ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Қонунни ишлаб чиқишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш тажрибаси, кейинги йилларда қабул қилинган қонунлар, давлат хизмати органларининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи меъёрий ҳужжатлар ҳамда илғор хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мос ва бугунги кун талабларига жавоб беради.