Сурхондарё вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм (ёки 1,6 миллиард доллар) бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бу 25 мингта муқим янги иш ўринлари дегани.

Жумладан, вилоят саноатининг асосий йўналишларидан бири бўлган кўмир ишлаб чиқариш бўйича “Шарғункўмир” жамиятида қиймати 95 миллион долларлик йилига

900 минг тоннагача тошкўмир қазиб чиқариш қувватига эга лойиҳа ишга туширилади.

Қурилиш материаллари саноатида қиймати 337 миллион доллар бўлган 170 та, тўқимачиликда 149 миллион долларлик 42 та лойиҳа амалга оширилади.

Термиз туманида жорий йилда “Инденим текстиль” корхонасида йилига 10 миллион дона тайёр маҳсулот, Қизириқ туманида “Қизириқ текстиль” корхонасида 4 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражаси 14 фоиздан 30 фоизга етказилади.

Чарм-пойабзал саноатида жами 13 миллион долларлик 5 та, электротехника саноатида 23 миллион долларлик 10 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.

Президентимиз вилоятда қурилиш материаллари, енгил, чарм, озиқ-овқат, электротехника, маҳаллий саноат каби “драйвер” соҳаларни жадал ривожлантириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш, қурилиш материаллари учун хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.

Қурилиш материаллари корхоналари учун ўз маҳсулотини экспорт қилишда транспорт харажатлари ва кредит фоизларини қисман қоплаб бериш каби имтиёзларни жорий қилиш таклиф этилди.

 

ЎзА