Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида маҳаллий хомашёдан цемент ишлаб чиқарувчи “Karakalpak sement” корхонаси иш бошлади.
Корхонанинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар жараёнида қулай инвестиция муҳити яратиш, хорижий сармоядорларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Жойларда йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилаётгани аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умумий инвестиция қиймати 40 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида 17 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилди. 200 дан зиёд аҳолининг доимий бандлиги таъминланди.
– Корхонамизнинг умумий қуввати йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган, – дейди корхона директори Анвар Шукуров. – Корхона уч босқичда бунёд этилади. Биринчи босқич ниҳоясига етказилди, иккинчи босқич жорий йилнинг охирига қадар амалга оширилади. Ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ортади. Охирги босқич 2018 йилда якунланиб, қўшимча 700 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади. Дастлабки икки босқичда маҳсулот янги технология – вертикал печдан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилади. Учинчи босқичда янада унумдор бўлган айланма печли линия бунёд этилади. Маҳсулотни экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.