Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 май куни макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда саноат, қурилиш, савдо, умумий овқатланиш ва хизматлар соҳаларида паст қувват билан ишлаётган 30 мингта тадбиркорлик субъектининг фаолиятини жонлантириш бўйича тегишли мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига топшириқлар берилди.

– Ҳамма рақамларни сизларга берганмиз (Ж.Қўчқоров, А.Икромов, вилоят ҳокимлари), кундузи кабинетда, кечаси тадбиркорлар билан жойида учрашиб, видеоселектор қилиб ҳар бири билан гаплашасизлар. Тадбиркорларни “уйғотиш” керак, уларнинг муаммоси бор, талаби бор. Агар улар ишлаб кетса тасаввур қилинг қанча ўзгариш бўлади? Қанча-қанча иш жойи, ойлик, солиқ тушуми бўлади, одамлар рози бўлади, – деди Президент.

Шунинг учун, Холхўжаев, Зоҳидов, Икромов, Қудбиев вилоят ҳокимлари билан бирга, ўтган йили бошланган тажрибани давом эттирган ҳолда, ўзларига бириктирилган ҳудудларга чиқиб, жорий йил 1 июлгача ушбу корхоналарнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, тижорат банклари май-июнь ойларида оилавий тадбиркорлик дастурларига 1,6 триллион сўм маблағ ажратиши, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу орқали камида 30 минг фуқарога даромад манбаи учун шароит яратиш бўйича вазифалар қўйилди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари май-июнь ойларида ҳудудий дастурлар доирасида 13 мингта, бўш ер участкаларини сотиш орқали 5 мингта, Бандлик, Хотин-қизлар ва Ёшлар жамғармалари ҳисобидан қўшимча 10 мингта янги иш ўрни ташкил этиши лозимлиги таъкидланди.

Ҳусанов, Икромов, Рафиқов, Саъдуллаев, Холхўжаев ушбу топшириқнинг ижросига масъул бўлиши қайд этилди.

 

ЎзА