Бугунги видеоселектор йиғилишида чет тилларини ўқитишда нодавлат таълим муассасалари ва Британия кенгаши, Гёте институти, Француз альянси, KOICA, JICA, Конфуций институти каби хорижий шериклар билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Мисол учун, чет тили ўқитувчиларининг 90 фоизи (46 минг нафар) инглиз тилига ихтисослашган бўлиб, Шарқ тиллари (хитой, корейс, турк, араб, форс) пойтахтдан бошқа ҳудудларда деярли ўқитилмайди.
Шу боис, Ташқи ишлар вазирлигига элчиларимиз билан бирга, ўзлари бириктирилган вилоятларда камида 2-3 тадан чет тилига ўргатиш марказини ташкил этишга ҳамда уларга ўзлари ишлаётган давлатлардан малакали ўқитувчи ва волонтёрларни жалб қилишга масъул бўлиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, вазирликка Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан бирга, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида турли соҳа мутахассисларига Чет тилларини чуқур ўргатиш марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда мамлакатимизда чет тиллари нодавлат ўқув марказларининг асосий қисми Тошкент шаҳрида жойлашгани, шу боис вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига 1 июлдан бошлаб қишлоқ туманларида 5 тадан чет тилларига ўқитиш нодавлат ўқув марказларини ташкил этиш бўйича танлов эълон қилиш вазифаси топширилди.
Қарши шаҳрида фаолият юритаётган нодавлат ўқув маркази раҳбари Сардорбек Содиқов вилоятнинг бошқа туманларида ушбу ишларни қандай ташкил этиши бўйича ўз режаларини сўзлаб берди.
ЎзА