“Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” ҳафталиги доирасида ёш журналистлар учун маҳорат сабоқлари ташкил этилди.
Мамлакатимизда бугунги кунда оммавий ахборот воситаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу соҳа тўртинчи ҳокимият сифатида баҳоланиши ҳам бежиз эмас, албатта. Соҳа вакиллари ахборотларни холис, ҳаққоний ёритиши билан бир қаторда, тезкор бўлмоғи лозим. Чунки бугунги кунда дунё миқёсида фуқаролик журналистикаси шиддат билан ривожланмоқда.
Медиа ҳафталик доирасида маҳоратли журналистлар талабалар, мустақил журналист ва бу соҳада фаолият олиб бораётган ёшларга маҳорат сабоқларини бермоқда.
– Журналист билимли, ақлли ва кенг фикрловчи шахс бўлиши керак. У ёритмоқчи бўлган ахборот турли хил соҳаларга оид бўлиши керак. Уларни шарҳлаш, аудиторияга, томошабинга тўғри, тушунарли ва таъсирли қилиб етказиб бериш учун ҳам журналист ўша соҳадан хабардор бўлиши керак, – дейди “Sevimli” телеканали бошловчиси Жаҳонгир Олимов.
– Ушбу тадбир жонли, муҳокамаларга бой тарзда ўтмоқда. Шу соҳада фаолият юритаётган устоз журналистлар бу соҳанинг сир-асрорларини бизга ўргатмоқда. Ўйлайманки, бу дарслар биз каби соҳага энди кириб келаётган ёш журналистлар учун катта имкониятдир, — деди Ўзбекистон Миллий университети талабаси Илҳом Худойназаров.
Бу каби дарслар ҳафта якунига қадар давом этади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА