Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 19-25 декабрь кунлари ёшлар ва ўсмирлар ўртасида оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. Унда қитъамизнинг 20 давлатидан келган 270 дан ортиқ полвонлар иштирок этди
Қувонарлиси, мазкур чемпионатда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси очколар ҳисобига кўра, Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. Делегациямиз мусобақада жами 17 тадан олтин ва кумуш ҳамда 10 та бронза, жами 44 та медалга сазовор бўлди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, қитъа биринчилигида ўсмирлар ўртасида вазни -89 кг. бўлган Бекзод Ғофуржонов делегациямиз ҳисобига 3 та олтин медални келтирди ва ўз ёш тоифасида даст кўтариш, силтаб кўтариш ва иккикураш якунига кўра, Осиё рекордини ўрнатди. Бундан ташқари силтаб кўтаришда 194 кг тошни бўйсундирган ҳолда ўсмирлар ўртасида жаҳон рекордини бир килограммга янгилади.
Шунингдек, Осиё чемпионати давомида қизлар орасида Маржона Абдумуталова, Нигора Сувонова, ўғил болалар ўртасида эса Абдулазиз Алимжанов, Бекзод Ғофуржонов ва Омадилло Олимов каби полвонларимиз барча дастурларда олтин медални қўлга киритди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Нигора Абдуллаева, Зулфия Рамазонова, Зиёда Худойқулова, Диёрбек Рўзметов, Бобурмирзо Ёқубов, Беҳрузбек Ганжабоев, Нодирбек Жўраев, Руслан Раҳматжонов ва Қудратбек Салимжонов ўз вазн ва ёш тоифаларида шоҳсупага кўтарилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА